Product Summery
(Таҳорат қилиш, ғусл, таяммум, маҳсига масҳ тортиш, ашё - буюмларни поклаш ва бошқа муҳим масалаларнинг батафсил баёни) Муҳтарам китобхон! Мусулмон киши Аллоҳ таолони танигандан кейин энг биринчи билиши лозим бўлган илм Аллоҳ таоло юборган диннинг ҳукмларини билишидир. Дин ҳукмларини ўрганиш орқали банда ўз Роббисига қандай ибодат қилишни ўрганади, бандаларнинг ўртасидаги муомалаларда қандай йўл тутиш, муаммоларни эса қандай ечишга эришишни билади. Бу билан Аллоҳ таолонинг розилигига эришади. Ушбу масалаларни ўрганувчи илмни «Фиқҳ илми» ва мазкур илмда моҳир бўлган кишини «фақиҳ» деб аталади. Фиқҳ илми барча исломий илмлар орасида қамрови кенг ва дақиқ илм саналади. Чунки Фиқҳ илмини пухта ўрганиш учун бир тарафдан Қуръон, ҳадис ва буларга тегишли илмлар, саҳобаларнинг сўзлари, имомларнинг кўрсатмалари, масалаларнинг нозик фарқларига назар солиш, қолаверса, умматнинг воқеликдаги заруриятларини идрок этиш, замонанинг холатларини мукаммал англаш каби бир қанча илмларни билиш талаб этилади. Бошқа бир жиҳатдан, фиқҳ таҳорат ва покликнинг жузъий масалаларидан тортиб, ибодат, муомалот, одоб - ахлоқ ҳамда ҳалол, ҳаром ва мубоҳга тегишли бўлган барча масалаларни ўз ичига олади. Фиқҳга моҳир бўлиш учун, умумий ҳолда, барча исломий илмларга ўта моҳир бўлиш талаб этилади. Чунки ҳар замоннинг ҳар турли масалаларига шаръий ечим тақдим қилиш фақиҳнинг вазифаси саналади. Бу ишлар на муфассир, на муҳаддис, на тарихчи ва на усул илми билимдонининг вазифасидир. Зеро, фатвонинг кўлами фиқҳга нисбатан янада зиёда ва кенгдир.