Product Summery
Муҳтарам китобхон! Болалигимизда ота-оналаримиз кўпинча кечки овқатдан сўнг, баъзан нонушта устида биз, фарзандларига «тарбиявий соатлар» ўтказишар, суҳбатлари зерикарли бўлмаслиги ва эслаб қолишимиз осон бўлиши учун кўпинча гапларига халқ мақоллари ва маталлари, турли ибратли ривоятлар, ўзлари гувоҳ бўлган воқеалар, ҳадисларни усталик билан сингдириб юборишарди. Айниқса, ўтмиш донишмандларининг оғиздан-оғизга ўтиб келаётган турли ибратли ривоятлари, насиҳатомуз ҳикоятлари ҳаммамизга ёқар, уларни соатлаб тинглашга тайёр эдик. Ёшимиз улғайди, ўзимиз ҳам оила қурдик, фарзандли, невара-чеварали бўлдик. Аммо замон шиддатли бўлиб кетдими ё вақтнинг баракаси қочдими ёки биз, катталар ҳафсаласиз бўлиб қолдикми, нима бўлганда ҳам, ўша «тарбиявий соатлар» унут бўлди. Уларнинг ўрнини телевизор, компьютер, телефон каби техника воситалари эгаллаб олди. Болаларга айтиб бериладиган ривоятлар ҳам аста унут бўла бошлади. Шарқ донишмандларининг ибратли ҳикоятлари ва ривоятларидан тузилган ушбу китоб болалар тарбияси соҳасида олиб борилаётган кенг миқёсли ишлардаги ана шу кемтикни бироз тўлдирса, фарзандларимизни яхшиликка, эзгуликка, инсофга, адолатга, пок эътиқодга чорласа, ахлоқ-одобларидаги қусурларни йўқотишда фойдаси тегса, муаллиф ўз олдига қўйган мақсадига эришган бўлур эди. Китобга тартиб беришдан асосий муддао ҳам фақат шудир! Мутолаангиз фойдали ва мароқли бўлсин деб, Аҳмад Муҳаммад Турсун.