product summery
250 йил аввал бир инглиз саёҳатчиси Австралияга борган эди. Қитъани айланиб юрар экан, илгари ҳеч кўрмаган ғалати бир ҳайвонга кўзи тушади. Бу ҳайвонга қизиқиб маҳаллий киши (абориген)дан "бу нима?" деб сўрайди. Маҳаллий киши эса «Kangru» («Kangaroo») деб жавоб қайтарди. Саёҳатчи бу ҳайвоннинг расмини чизиб, мамлакатига қайтганида ҳаммага кўрсатиб, янги кашф қилган ҳайвонини таърифлаб берди. Шу киши сабаб кўплаб давлатлар қисқа вақтда «кенгуру» ҳақида маълумотга эга бўлди ва шу номда атай бошлашди. Кейинчалик Австралиянинг маҳаллий тилини ўрганишга борган тилшунос, бу ҳайвон номи бошқа сўз билан ифодаланишини аниқлаган. Аслида, «кенгуру» дегани "сени тушунмадим" маъносини берар экан! Ҳаммамиз оиладан, ён-атрофдан, катталардан кўриб ўрганганларимизга амал қиламиз. Сабабини, маъносини, ўтмишини суриштирмай ўзлаштириб олаверамиз, кундалик одатларимизга айланиб кетаверади. Ёмон тарафи уларнинг моҳиятини билмасакда, "тўғриси шу" деб қабул қиламиз, шунга кўникиб қолганмиз. Аслида, кундалик ҳаётимизга зийраклик билан назар солсак, бир талай «кенгуру»ларни кўрамиз. Масалан, манманлик ва кибрни - ўзига ишонч; бор пулига тўй қилишни - ўзбекчилик; бузуқликни - эркаклик; қўполликни мардлик; бепарволикни- тинчлик... каби юзлаб атамалар билан ифодалаймиз. Инсон 18 ёшга тўлгач, вояга етган деб аталади. Шунинг учун кўп ҳуқуқларга эга бўлади. Улардан энг муҳими, мамлакатни ким бошқариши, кимлар қонун чиқаришини белгиловчи - сайловларда овоз бериш ҳуқуқидир. Мен фақатгина умрига йил қўшилганларни эмас. тафаккур, таҳлил ва «кенгуру»ларни кўраолган инсонларни вояга етган деб ҳисоблайман. Чунки, бугун турли ва фарқли маълумотлар кўп. Улар орасидан ҳақиқатни қидириш, излаш ва сўроқлаш қийин. Буни фақатгина вояга етган ақл эгалари уддалайди. Ушбу китоб ҳаётимиздаги бир талай «кенгуру»ларни пайқашда фойдали бўлади албатта. .